Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2025, Тошкент вақти: 02:29

"Ўзбеклар ва тожикларга тааллуқли". Россия минтақаларида мигрантларга такси ҳайдаш тақиқланмоқда


Санкт-Петербургда муҳожирларнинг такси ҳайдашига тақиқ ҳали кучга кирмасидан, бу амалиётни бутун Россия бўйлаб жорий этиш таклифи янгради. Агар қабул қилинса, патент билан ишлаётган, жумладан ўзбекистонлик муҳожирлар такси ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

"Бошқа иш топиб беришармикан?"

Санкт-Петербург вилоят ҳокимиятининг янги қарорига кўра, муҳожирларнинг такси ва етказиб бериш (курьер) хизматида ишлаши тақиқланди.

Патент асосида меҳнат қилувчи муҳожирлар эндиликда нафақат таксида ишлаши, балки ижарага бериладиган енгил автомобилларда фаолият олиб бора олмайди. Бу тақиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо – Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон фуқароларига таалуқли эмас, чунки улар патентсиз ишлашади. Ўзбекистонликлар, тожикистонликлар патент олиши шарт.

“Санкт-Петербургда “муҳожирлар такси ҳайдамасин” деган янги қонун чиққанмиш. Бу ерларда менинг “кел, иш топиб бераман” – деб ёрдам берадиган танишларим йўқ. Ишлашга келганимга энди ярим йил бўлди. Аввалига нима иш қилишни билмай, сарсон юрдим, кейин таксига ўрнашдим. Шаҳарни ўрганишга икки ойча вақтим кетди. Энди яхши ишлай бошлаганимда бундай қонун чиқаришибди. Шунда қонун-қоида ўйлаб топадиганлар бизга бошқа иш ҳам топиб беришармикан? Ўзбекистонга қайтиб борсам, бекорчи бўлиб уйда ўтиришим керак” – дейди андижонлик 27 яшар Мирзоҳид.

У каби ўнлаб одамни ишсиз қолдираётган мазкур чеклов Санкт-Петербург губернатори 28 июлда имзолаган қарор асосида жорий этилмоқда. Матбуот қарор 2025 йил охиригача амал қилишини ёзди.

Чеклов ҳақидаги муҳокамалар 2025 йил май ойида бошланган эди. Маҳаллий ҳокимият ушбу чеклов орқали такси хизматларининг сифати ва хавфсизлигини оширишни мақсад қилганини таъкидламоқда.

Ҳужжат имзоланганидан кейин 10 кун ўтиб кучга киради, яъни муҳожирларга расман фаолиятни тўхтатиш учун қисқа муҳлат қолмоқда. Иш берувчилар эса 3 ой ичида улар муҳожир ҳайдовчилар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиши лозим.

"Чекловни Россия бўйлаб жорий этиш зарур"

"Верстка" нашрининг январда тарқатган маълумотига кўра, Россиянинг 47 минтақасида ва Украинанинг аннексияланган Қрим ҳудуди ва Запорожье вилоятида муҳожирларни ишга олишда чекловлар киргизилган.

Масалан Краснодарда иқтисодий фаолият билан шуғулланишга патент берилмайди, Тверь вилоятида муҳожирлар ишлаб чиқариш соҳасида ишлай олмайди. Уларга фақат қора иш қилишга рухсат берилган.

Бир нечта ҳудудда муҳожирларга такси ва жамоат транспортида, 39та ҳудудда савдо соҳасида, 27тасида таълим соҳасида, 19тасида тиббиёт соҳасида ишлаш таъқиқланган.

Россия Давлат Думаси Регионал сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари Михаил Матвеев бундай чекловни энди бутун Россия ҳудудида амалга киритиш лозим, дея “Абзац” нашрига берган интервьюда таъкидлаган.

“Мигрантларнинг таксида ишлашини чеклаш Самара вилояти каби минтақаларда қўлланиб келинмоқда ва бу хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғри қарор. Буни бутун Россия бўйлаб жорий этиш зарур. Асосий мақсад - хавфсизликни таъминлаш. Бироқ Россия фуқаролигини олганлар ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар - Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон фуқаролари бундай чекловдан мустасно. Чеклов фақат патент билан ишловчи тожик ва ўзбек фуқароларига тааллуқли бўлиши мумкин” – деган Матвеев. Аммо у хавфсизлик деганда нимани назарда тутгани айтилмаган.

Иқтисодчи Николай Кульбака “Настоящее Время” телеканалида чекловларни изоҳлар экан, бундай чоралар такси ва етказиб бериш хизматларининг қимматлашишига, шунингдек, умуман иқтисодий муҳитга таъсир қилиши мумкинлигини қайд этган:

“Россияда ишсизлик даражаси ҳозирча 2–3% атрофида, бу энг минимал кўрсаткичлардан бири бўлиб, иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун етарли эмас. Иқтисодиётда “табиий ишсизлик даражаси” деган тушунча бор, у 3,5–4,5% ташкил қилади. Демак, мамлакатда ишчи кучига эҳтиёж катта. Албатта, бу кўрсаткич минтақалар ва соҳалар бўйича фарқ қилади. Масалан, такси соҳасида ишлаётганларнинг 70–80% мигрантлар ташкил қилади. Агар улар сони камайса, хизмат кўрсатиш ҳажми пасаяди, натижада такси нархлари ошади. Бу эса бугунги кунда ечим талаб қилувчи жиддий муаммога айланиши мумкин”.

Россияда такси ҳайдовчилари танқислиги 130 минг кишини ташкил қилишини ўтган йили “Яндекс Go” ширкатининг давлат идоралари билан ишлаш бўйича директори Антон Петраков Шарқий иқтисодий форум чоғида билдирган. Унга кўра, бу миграция сиёсатининг кучайтирилгани ва такси соҳасида тартибга солишлар билан боғлиқ бўлган. Ҳайдовчилар етишмаётгани таксида йўлкира ҳақлари ошишига таъсир кўрсатаётгани айтилган.

Босим ва таҳқирлаш тўхтамаяпти

2024 йилда Москвадаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган, камида 145 кишининг ҳаётига зомин бўлган қуролли ҳужумдан сўнг Россияда Марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабат янада салбийлашган. Унда ҳужумга гумонланиб, тожикистонликлар қўлга олинганди.

Сўнгги пайтларда муҳожирларга нисбатан бир қанча чекловчи қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, полиция ва куч ишлатар тузилмаларнинг босими кучайган. Кремль бундай ҳолатларни "қонунсиз миграцияга қарши рейд" деб баҳоламоқда.

Жорий йил 5 февралдан Россияда янги ҳуқуқий тартиб кучга кирди. Унга кўра, мамлакат ҳудудида яшаш ёки юриш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет элликлар Россияни тарк этиши шарт. Ички ишлар органлари ва судлар айрим қонунбузарликлар учун чет эл фуқароларини мамлакатдан депортация қилиш ҳуқуқига эга.

Россияда ноқонуний яшаб келаётган юз минглаб мигрантларнинг рўйхати тузилган ва банк карталари блокланган. Илк бор уларга апрел охиригача, кейинроқ эса сентябргача ўз ҳуқуқий мақомларини расмийлаштириш учун муддат берилган. “Қора рўйхат”даги ўзбекистонликлар сони расман эълон қилинмаган.

Муддат яқинлашган сари миграция марказлари ва полиция бўлимларида узун навбатлар пайдо бўлди. Мигрантлар “қора рўйхат”дан чиқиш осон эмаслигидан шикоят қилишмоқда ва турли бюрократик тўсиқлар ҳақида сўзлашмоқда.

Тошкент ва Москванинг миграция муаммоларини биргаликда ҳал қилаётгани ҳақидаги баёнотларга қарамай, ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан босим, тазйиқ ва чекловлар камайгани йўқ. Бу оралиқда Ўзбекистон фақат бир марта, 11 июнда Кремлга нота йўллаган.

Саида Мирзиёева ва Михаил Мишустин, Москва, 29 май, 2025 йил.
Саида Мирзиёева ва Михаил Мишустин, Москва, 29 май, 2025 йил.

19 июнда президент Владимир Путин Россия ва Ўзбекистон миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишини маълум қилган. Аввалроқ эса Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, президент админстрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, патент олиш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф этган.

11 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурҳонов журналист саволига жавоб берар экан, Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликлар сони ҳозир бир миллиондан камлигини, 7-8 йил аввал бу кўрсаткич 5-6 миллион атрофида бўлганини айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG